чиқиб кетган дугонасининг ҳушсиз жисмига боқиб, унинг аҳмоқлик қилганини англади-ю, бу хатони тўғирлаш учун шифокорни чақиришга шошди. Ҳамма Соҳибани кўриб ҳайратда эди. «Нега бундай қилди?» деган саволнинг жавобини эса дугонасидан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳайрият, ризқи узилмаган экан, қизнинг жонини асраб қолишди. Дурдона оғир ўтган туннинг тонгга қандай уланганини билмади. Ҳамкасблари уйга бориб дам олиб кела қолинг дейишса ҳам унамади. Соҳибани ёлғиз ташлаб кетгиси йўқ. Фақат бироз ўзига келиш учун ҳовлига чиқди. Кеча тиним билмай ёққан ёмғирдан кейин бутун борлиқ поклангандек, ер ҳиди-ку кишини тетиклаштиради. Зах ўриндиқларга ўтиришни лозим топмаган қиз секин қадамлар билан ҳовлида юра бошлади. Не ажабки, Жавоҳирга дуч келди.
— Соҳиба ўзини ўлдирмоқчи бўлди... — саломига қисқагина алик олганча шошиб кетаётган йигитнинг ортидан гапирди.
Жавоҳир у томон ўгирилди, Дурдорна йиғлаётганди.
— Уйқу дори ичибди...
Бир муддат донг қотиб турган Жавоҳирнинг ранг-қути ўзгарди.
— Жинними у? Қайси палатада? — сўради саросимада.
«Ўн биринчида» дея жавоб берган Дурдона дугонаси ҳаёти билан тенг кўрган одамнинг кейинги гапларидан ерга михлангандек бўлди.
— Яхшиям, бугундан таътилга кетяпман. Тўй олди шу машмаша ўралашиб қолмай, хўпми? Дурдона, дугонангизга айтинг, мен ҳақимда бўлмағур гап қилмасин...
Жавоҳир қай томондаги зинадан юқорига кўтарилса, 11-палата олдидан ўтишига тўғри келмаслигини чамаланганча худди боягидек тезликда юриб шифохона биносига кириб кетди.